“Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза. Товарларнинг келиб чиқишини ўз-ўзини сертификатлаш” мавзусида мақола.

Товар олиб кирилаётган мамлакат қонунчилигига мувофиқ имтиёз ва преференциялар олиш учун кўпинча экспортёр товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат олиши керак.

Сертификатлаш ва товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат нима эканлигини кўриб чиқамиз. Товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат  – бу хужжат, жумладан электрон шаклдаги хужжат  бўлиб, товарнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқ гувоҳлантиради.

Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш – товарларнинг Ўзбекистон Республикасидан келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тасдиқлаш ва бериш билан кечадиган, товарнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш мақсадида экспертиза ўтказиш процедураси.

Ўзбекистон Республикасида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш Вазирлар Маҳкамасининг 13.12.2019 йилдаги №994 сон Қарори билан тасдиқланган “Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Мазкур сертификат “Ўзбекэкспертиза” АЖ ва унинг ҳудудий органлари томонидан берилади.  

Сертификат олиш учун экспортёр товар ортилаётган жойдаги ваколатли органга зарур хужжатлар билан бирга ёзма ариза тақдим этади.  Бироқ, бугунги кунда экспорт ёки реэкспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни олиш процедурасига айрим ўзгартиришлар киритилганлигини ва сертификатни “Ўзбекэкспертиза” АЖ нинг www.expertiza.uz  сайти орқали зарур хужжатлар билан бирга аризани расмийлаштирган ҳолда олиш мумкин эканлигини кўпчилик билмайди. Бунда экспортёр учун муайян қулайликлар мавжуд – хужжатларни қоғозда тақдим этиш зарурати йўқ, аризани топшириш вақти қисқаради ва уни уйдан ёки офисдан туриб, хатто мобиль қурилмадан юбориш мумкин. Бунда одатда аризани кўриб чиқиш муддати бир иш кунини ташкил этади.

“Ўзбекэкспертиза” АЖ экспертлари томонидан ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш экспорт қилинаётган товарни тайёрлаш жараёнини ўрганиш ва товарнинг Ўзбекистон Республикасидан келиб чиқишини тасдиқлаш учун ариза берувчи  тақдим этган хужжатларни таҳлил қилишдан бошланади.

         Эксперт қуйидагилар билан танишиб ўрганиб чиқиши керак:

–  ариза берувчи тақдим этган хужжатлар;

– экспорт қилинаётган товарларнинг ишлаб чиқарувчиси бўлмаган ариза берувчи мурожаат қилган тақдирда, экспорт қилинаётган товар партиясининг мавжудлигини текшириш;

– экспорт қилинаётган товарнинг ишлаб чиқарувчиси бўлган ариза берувчи мурожаат қилган тақдирда, экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқариш учун объектив шароитларни текшириш.

Шундай қилиб, товар ишлаб чиқарувчи ҳам, махсулотни ишлаб чиқарувчи бўлмаган, лекин уни экспорт қилишга қарор қилиган ариза берувчи ҳам, экспортёр бўлиши мумкин.

Иш жараёнида эксперт мазкур экспорт қилинаётган товар келиб чиқиш мезонларининг қайси бирига тегишли эканлигини аниқлайди.

Товарларнинг келиб чиқишининг иккита мезони мавжуд:

а) батамом ишлаб чиқарилган;

б) етарли даражада қайта ишланган.

      Қуйидаги товарлар мазкур мамлакатда батамом ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади:

а) унинг ҳудудидан ёки ҳудудий сувларидан ёҳуд континенталь шельфидан ва денгиз остидан олинган фойдали қазилмалар, агар мамлакат денгиз остини қазиш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлса;

б) унинг ҳудудида ўстирилган ёки йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;

в) унинг ҳудудида туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;

г) мамлакатда етиштирилган  ўсимлик маҳсулотлари ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;

д) мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;

е) мамлакат кемаларида ёки у ижарага олган (фрахт қилинган) кемаларда жаҳон океанида овланган ва (ёки) тайёрланган денгиз ови маҳсулотлари;

ж) мамлакатдаги ишлаб чиқариш ёки бошқа операцияларнинг натижаси бўлмиш иккиламчи хом ашё ва чиқиндилар;

з) мамлакатга қарашли ёки у ижарага олган космик кемаларда очиқ космосда олинган юқори  технология маҳсулотлари;

и) мамлакатда мазкур банднинг “а”-“з” кичик бандларида кўрсатиб ўтилган маҳсулотлардангина ишлаб чиқарилган товарлар.

Агар    товарни ишлаб чиқаришда икки ёки ундан ортиқ мамлакат иштирок этаётган бўлса, товарнинг келиб чиқиши унинг “етарли даражада қайта ишланганлик” мезонига мувофиқ аниқланади.  

Шуни таъкидлаш жоизки, айрим операциялар “етарли даражада қайта ишланганлик” мезонига жавоб бермайди деб ҳисобланади:

а) сақлаш ёки транспортда ташиш вақтида товарларнинг сақланишини таъминлаш бўйича операциялар;

б) товарларни сотиш ва транспортда ташишга тайёрлаш бўйича операциялар (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил қилиш, саралаш, қайтадан ўраш);

в) оддий йиғув операциялари;

г) товарларни (таркибий қисмларни) аралаштириб ҳосил қилинган маҳсулотга унга дастлабки таркибидан жиддий фарқланадиган хусусиятларни бермаслик;

д) юқорида кўрсатилган операцияларнинг иккитаси ёки ундан ортиғини бир вақтда амалга ошириш;

е) чорва молларини сўйиш.

Экспертиза натижаси бўйича товар Ўзбекистон Республикасидан келиб чиққанлиги тасдиқланган ва келиб чиқиш мезони аниқланган тақдирда экспертиза далолатномаси тузилади ва сертификат берилади.

Агар экспертиза натижасида товарнинг Ўзбекистон Республикасида етарлича қайта ишланганлик мезонига риоя қилинмаганлиги ёки товарнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш имкони йўқлиги аниқланса, экспортёрга сабаби кўрсатилган ҳолда, тақдим этилган товар Ўзбекистон Республикасидан келиб чиққан деб таснифлана олмайди, деган эксперт хулосаси берилади

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида сертификат қуйидаги шаклларда расмийлаштирилади:

         а) Бош преференциялар тизимига (GSP) мувофиқ преференциялар тақдим этувчи хорижий давлатларга экспорт қилинаётган товарларга – А шаклида;

б) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига – СТ-1 шаклида

в) Ўзбекистон Республикаси билан шартномалар тузган давлатларга шартномаларда  белгиланган шаклларда рус ёки инглиз тилларда ёки Умумий шаклда;

г) ушбу банднинг “а”-“в” кичик бандларида кўрсатилмаган мамлакатларга ва товар келиб чиқиш мамлакатини тасдиқлаш шартнома (битим) шартларида ёки бундай давлатларнинг миллий қоидаларида зарурлиги назарда тутилган бўлса, рус ёки инглиз тилларда – Умумий шаклда.

Ҳозирги вақтда товарни Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишда Ўзбекистон «GSP+» тизимидан фойдаланмоқда, бунда ўзбек ишлаб чиқарувчилари ЕИ мамлакатларига божсиз экспорт қилиши мумкин бўлган товар позицияларининг сони 6200 та позициягача ортди.

Шуни таъкидлаш лозимки, ЕС( 2447/2015) регламентларига мувофиқ товарни ЕИ мамлакатларига экспорт қилишда экспорт қилинаётган товарнинг преференциал келиб чиқишини тасдиқлаш бевосита экспортёр томонидан инвойсдаги декларация/ариза кўринишида амалга оширилади (ўз-ўзини сертификатлаш). Бунда,   Бош преференциялар тизимининг келиб чиқиши талабларига жавоб берадиган,  умумий қиймати 6000 евродан ошадиган товарларнинг келиб чиқишини декларациялаш орқали тасдиқлаш учун, экспортёр ЕИнинг  экспортёрларни рўйхатдан ўтказиш  тизимида  (REX)  ЕИ регламентиларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлиши шарт.

REX тизимида рўйхатдан ўтиш учун маълумотлар экспортёр томонидан “Ўзбекэкспертиза” АЖ га тақдим этилади. Рўйхатга олиш, экспортёр тақдим этган ариза ва экспорт қилинаётган товарнинг келиб чиқиши ЕИ Регламентида белгиланган талабларга мос келиши тўғрисидаги экспертиза далолатномаси асосида бепул амалга оширилади. Кейинчалик ушбу экспортёрларга преференциялар ЕИ мамлакатларининг божхона органлари томонидан инвойсдаги декларациялар ёки товарга бириктирилган бошқа хужжатлар асосида REX  нинг индивидуал рақами кўрсатилган холда берилиши мумкин.

Шу билан бирга, товар олиб кирилаётган мамлакатнинг божхона органлари сертификатнинг берилганлиги фактини он-лайн режимда текшира олиш имкониятини таъминлаш мақсадида товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги берилган сертификатларининг электрон базаси юритилмоқда.

Преференциал товарлар  экспертизаси Бошқармасининг

Бош эксперти Адхамова Д. 

тел.:(71)230-23-60

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.