Шавкат Мирзиёев янги 2022 йилни Ўзбекистонда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилишни таклиф этди. Президент йилни номлаш бўйича таклифини биринчи маротаба Янги йил арафасида эълон қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида 2022 йилни қандай номлаш бўйича ўз таклифини маълум қилди.

«Биз янги йилга ном беришда, кенг жамоатчиликнинг фикрларини ўргандик. Ана шу таклифлардан келиб чиқиб, мен Янги — 2022 йилни мамлакатимизда „Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили“ деб эълон қилишни таклиф этаман», — деди давлат раҳбари.

«Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятнинг бош мезонига айланишини таъкидлади.

Маълумот учун, президент янги йилни қандай номлаш бўйича таклифини биринчи маротаба янги йил арафасида эълон қилди. Олдинги йиллар бу таклиф парламентга мурожаат давомида билдирилаётган эди.